17 сентябрь 2021 | 10 сафар 1443
  • Бомдод 05:40
  • Қуёш 06:26
  • Пешин 13:10
  • Аср 17:10
  • Шом 19:00
  • Хуфтон 20:30

Яратган Роббинг номи билан ўқи.

Алақ сураси 1 оят

Илмий мақолалар

Маорижун-нубувват асари тарихий манба сифатида

     Тарихда ислом тарихи билан боғлиқ асарлар турли шарқ алломалари томонидан зўр қизиқиш билан ўрганилиб, турли номдор хаттотлар томонидан қўлёзма усулида кўчирилиб, кейинги даврларда эса тошбосма усулларида чоп этилиб ҳозирга қадар бизгача етиб келган. 
     Манашундай асарлардан бири “Сийрат” яъни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг таржимаи ҳоллари, у кишининг юриш, ўтириш-туришлари, гўзал хулқлари, умуман олганда у кишининг ҳаёт йўлларига бағишланган илк ислом даври ва ундан олдинги баъзи пайғамбарлар билан боғлиқ воқеаларни ўзида акс эттирган диний-тарихий асарлардан “Маъориж ан-нубувва фил мадориж ал-футувва” асаридир. 
     Ушбу номли асарлар гарчи мазмунан бир хил бўлсада, турли даврларда турфа олимлар ва хаттотлар томонидан ўзгача номлар билан аталиб кўчирилган. Мисол учун “Маъориж ан- нубувва фил мадориж ал-футувва”, “Сийрат аш-шариф”, “Сийрат ар- Расул” ва “Сияри Мулло Муъин” каби номлар шулар жумласидандир. 
     Ушбу илмий мақолада ҳозирги кунда Бухоро давлат музей-қўриқхона ҳузуридаги “Ҳужжатлар” фондида сақланаётган олтита қўлёзма ва бешта тошбосма жами 11 та юқорида тилга олинган ислом тарихи ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўллари ёритилган сийрат китоблари қиёсланди ва уларнинг орасидан Шайбоний Убайдуллохон ҳукумдорлиги даврида бухорода яшаган ва зиё маскани бўлмиш “Мир Араб” мадрасасини барпо этган, тасаввуф аҳлларидан бири бўлган Абдуллоҳ Яманий (Мир Араб) нинг ўғиллари Мир Моҳ бин Мир Араб томонидан 1018-1019ҳ (1609-1610йй) саналарда Самарқандда кўчирилган “Сияри Мулло Муъин” номли асар шу номли бошқа нусхалардан ўзининг қадимийлиги, мукаммаллиги ва ниҳоятда гўзал унвонлари, безаклари билан ажралиб туриши боис илмий мақола учун асосий манба сифатида танлаб олинди. 
     Юқоридаги 11та китоблар билан қиёсланганда китобларнинг баъзиларида биринчи ва иккинчи рукнлари кўчирилган бўлса, баъзи бир қўлёзма нусхаларида учинчи ва тўртинчи рукнлари кўчирилган холос яъни тўлиқ эмас. Айрим тўлиқ нусхалари эса безаксиз, оддийроқ усулда кўчирилган. 
      Ушбу “Сияри Мулло Муъин” номли ислом тарихига оид китобнинг муаллифи Мулло Муъин бин ал-Ҳож Муҳаммад ал-Фароҳий (баъзи манбаларда муаллиф номидан сўнг ал-Ҳиравий, айримларида эса ал-Кошифий номлари ҳам қўшимча қилинади) дир. 
     Агар ушбу тарихий манбага диққат билан назар ташланса, Мулло Муъин ўзининг “Сияри Мулло Муъин” номли асарини ислом тарихига доир бошқа (яъни ислом тарихига доир бошқа номли) манбалардан фарқ қилувчи жумлалар билан бошлаганлигини гувоҳи бўламиз. “Сияри Мулло Муъин” номли асарнинг аввалидаги илк унвонли варағи “Роббана атина мин ладунка раҳматан ва ҳаййиъ лана мин амрина рашада” яъни Қуръони Каримдаги Каҳф сурасининг 10-ояти: “Қайсики, йигитлар ғорга паноҳ истаб боришиб: “Эй, Раббимиз! бизларга ўз ҳузурингдан раҳмат ато этгин ва бизларнинг ишимизни Ўзинг тўғрилагин!”-дедилар  мазмунидаги ояти карима билан бошланган. (Муаллифнинг сўз бошини бундай тарзда бошлаши уни бошқа муаллифлардан ўзгача услуб билан ёндошишини кўрсатади.Чунки кўпгина китоб муаллифлари сўз бошлаганда Аллоҳга ҳамду-сано сўнг Расулуллоҳга дуруд ва саловотдан сўнг асосий мақсадга ўтишган. Ушбу манбада эса аввало юқоридагидек тарихга назар ташлаб, сўнг Аллоҳдан ўз ишларига ёрдам беришини тилаб қуръоний дуолар қилиш билан бошлаганлар) Ундан сўнг ҳамду сано билан давом этган. 
     Китобнинг 6 а варағидан “Муқаддима” қисми бошланган. (Ҳар бир мажлисда ҳамду сано, Аллоҳга муножотлар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг юриш-туриш, маноқиблари, хулқ-атворлари, энг мукаммал таҳийёту саломлар, у зотнинг фазилатлари ва хусусиятлари ҳақида маълумотлар берилган) 
      Ушбу китоб бир муқаддима, 4 рукн ва бир хотимадан ташкил топган. У  34 боб 133 фаслдан иборат. (I-рукнда 8 боб 59 фасл, II-рукнда 7 боб 18 фасл, III-рукнда 5 боб, 36 фасл, IV-рукнда 12 боб, 20 фасл жами тўрт рукнда 32 боб хотима қисмидаги 2 боб билан  эса 34 боб ва 133фаслдир). Китобнинг ҳажми жами 487 варақ (974 саҳифа) дир.
     Китобнинг муқаддима қисмини ўзи V фаслдан иборат унинг I- фаслида  12 та таҳмид яъни Аллоҳга ҳамду-сано йўллаш фасли мавжуд. Кейинги II- фасли Аллоҳга муножот қилиш фаслидир. Ушбу муножотлар ҳам 12 фаслга ажратилган. Кейинги III-фаслда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг 12 та наъат (сифат) лари, маноқиб, зоту-сифатлари ҳақида маълумотлар берилган. IV-фаслда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг хусусиятлари, фазилатлари ҳақида маълумотлар берилади. Бу фаслда иккита мақола мавжуд бўлиб, унинг биринчисида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг 16 та хусусиятлари ҳақида маълумот берилади. Иккинчи мақолада эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазилатлари ҳақида маълумотлар берилади. V- фаслда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту-саломлар, муножотлар, у зотнинг олий сифатларини эътироф этиб мақтовли сўзлар айтишнинг фазилати ва савоби ҳақида маълумотлар берилган. 
     Ушбу қўлёзма нусха шу номли бошқа сийрат китоблари билан солиштириб кўрилганда улар орасидаги тафовутни яққол гувоҳи бўлиш мумкин. Сўзимизнинг исботи сифатида Муҳаммад Расул Хўжа ўғли Мулло Ғулом Расул Хўжанинг саъйи ва маблағи билан 1330ҳ/1912 йилда Тошкентнинг “Ғуломия” матбаасида тошбосма усулида чоп этилган “Сияри шарифи туркий” нусхаси мисолида кўришимиз мумкин. Мир Моҳ бин Мир Араб томонидан кўчирилган қўлёзма нусхада мавжуд бўлган баъзи қисмлар (маълумотлар) ушбу тошбосма нусхада учрамаслиги тошбосма нусханинг аввалги саҳифаларидаги қуйида келадиган маълумотларда акс этган. Унда ёзилишича; Муқаддима билмакким, “Сияр” фанининг  мусаннифлари, ҳазрати Хўжаи кавнайн (саллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг туғилган вақтларидан аломатлари билан вафотлари замонигача бўлган воқеалари зикрида китоб тасниф қилиб, уни 12 мажлисга тартиб бериб мажолиси милодиййа ном қўйибдилар. Туғилган ой куни рабиъул аввал ойи вафотлари ҳам машҳур  ривоятлар билан  шу ойнинг 12 сидур. Бу ойни моҳи милодия ва кунларини айёми милодия атарлар. Ва Мулло Муъин бу китобнинг муқаддимасида 5 фасл келтирибдурлар, 3 фасл ҳамду-сано, муножот ва наъат этибдилар. Ҳар қайси фаслни 12 ададга еткирибдурлар токим адади улуғларнинг 12 мажлисига мувофиқ бўлсин деб. Бу туркий “Маъорижун-нубувват”да ул ададни лозим кўрмадик. Чунки ҳамд ва муножот  ва наъат ададга мухтасар эмас (яъни сонга қисқартирилмайди-у чексиздир). Ва яна Ҳазрати Салтанатпаноҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ишоратлари ҳам бунга эрди. Бу жиҳатдан муқаддимани икки фасл қилдик ва бир фаслда ҳамд, муножот ва наъатни зикр қилдик ва яна бирини дуруднинг савоби ва фазилати баёнига таъйин қилдик. 
          Сияри Мулло Муъин номли биз ўрганаётган қўлёзма нусханинг муқаддима қисми тугаганидан сўнг унинг асосий рукнлар қисми бошланади. Китобнинг 1- рукни 73 б варағидан бошланиб, 165 а вароғидан якун топади. Унда Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг нурларини яратилишидан то Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишларигача бўлган даврдаги  воқеалар ҳақида маълумотлар берилган. Ушбу рукн 8 бобни ўз ичига олади. 
     Китобнинг II- рукни 166 а вароғидан бошланиб, 212 б вароғида тугайди. Унда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларидан то ваҳий нозил бўлгунича (40 ёшларигача) даврларни ўз ичига олувчи далиллар, гувоҳликлар, воқеалар баёни ҳақида маълумотлар берилади. Ушбу рукн 7 бобдан иборат.
     III- рукн 213 б вароғидан бошланиб, 314 б вароғида тугайди. Унда 40 ёшларидан то Маккадан Мадинага ҳижрат қилгунларига  қадар бўлган даврлардаги воқеалар ҳақида маълумотлар берилган. Ушбу рукнда  5 та боб мавжуд
     IV – рукн 315 б вароғидан бошланиб, 360 б вароғида тугайди. Бу рукнда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилишларидан то вафот этгунларига қадар даврлардаги воқеалар, ривоятлар акс этган. Ушбу рукнда 12 та боб мавжуд. 
     Китобнинг  361 б вароғидан  хотима қисми бошланиб, унда  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам)  нинг мўъжизалари баён қилинган. Хотима қисмининг биринчи боби “Ақлий мўжизалар”, иккинчи боби  “Ҳиссий мўжизалар”  ҳақидадир. Мазкур икки боб ҳам яна уч фаслга бўлиниб, уларнинг  I –фасли “Зотий мўжизалари”, II –фасли “Сифот мўжизалари” ва III –фасли эса “Хорижий мўжизалар” дир. Китобнинг хотима қисми 487- вароғида тугайди.
     Китобнинг асосий қисмидаги матнлари қора сиёҳда кўчирилган бўлсада, аммо аввалидаги дуо қисми, назм-шеър, ғазал, ҳикоя, риваоятлар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўжизалари ҳақидаги сарловҳа қисмлари қизил сиёҳ билан ажратилиб кўчирилган. 
     Китобнинг 1 б ва 2 а варақларида ниҳоятда юксак бадиий санъат билан безак берилган унвонлари мавжуд. (қаранг 2-расм).
 Китобдаги асосий қисмни ташкил этган матнлар кўк, қора ва тилло рангли рамкалар билан чегараланган. Баъзи варақларда рамкадан ташқари ҳошия қисми мавжуд бўлсада, аммо ҳошия ёзилмаган.
2-расм
     Китобнинг 1 б ва 2 а варақларида 11 қатордан кўчирилган. Ҳар бир рукнда алоҳида-алоҳида унвонлари мавжуд бўлиб, мазкур унвонли қисмларда матнлар 19 қаторда кўчирил      ган. Китобнинг асосий қисмларида эса матнлар 27 қатордан кўчирилган. Рукнлар, боблар, фасллар, ва ҳар бир мавзунинг сарлавҳалари, ҳикоялар, ривоятлар ва воқеаларнинг сарлавҳалари қизил сиёҳда кўчирилган. Китобнинг хотима қисмининг колофонида эса 16 қатор матн кўчирилган. Матнлар қора, кўк, жигар ва тилло ранглар уйғунлигидаги чизиқлар билан чегараланган. Ҳар бир варақнинг умумий эни 25Х39см, рамка ичидаги матн кўчирилган қисми эса 14,5Х 25,5см. Рамканинг ҳошия қисмида шарҳ-изоҳлар ёзилмаган. 
     Китобнинг деярли барча варақларида турли ҳажмларда (катта ва кичик) тешикчалари кўзга ташланади. Китобнинг ҳар бир варағида пойгири мавжуд. Унинг баъзи варақларида сариқ, қора доғлар, кирланишлар, матнлардаги сиёҳларнинг ёйилиши каби нуқсонлари ҳам кўзга ташланади. Китобнинг баъзи жойлари (охирги 482-487 варақлари) таъмирланган.
     Биз Сийрат китобларини ўрганишимиз асносида кўпгина қўлёзма манбаларнинг охирги колофон қисмларида турли моҳир хаттотлар томонидан гарчи уларнинг даражалари, илмий салоҳиятлари юксак бўлсада, ўзларини Аллоҳнинг ҳузурида ҳақир-тубан бир банда санаб хоксорлик билан ўзлари кўчираётган қўлёзмаларни тугатиб қўйганликларини гувоҳи бўлдик. Бу ҳам албатта, аждодларимизнинг қанчалик даражада, маърифатли, маданиятли, ўз динига, миллатига содиқ зотлар эканликларидан дарак беради. Баъзи сийрат китобларининг колофон қисмида кўчирилган аждодларимизнинг хоксорлик билан ёзган фикрларидан намуналар келтирамиз: 
     “Сияри Мулло Муъин” асарининг юқорида зикр қилинган нусхасининг 487 б варағидаги энг охирги колофон қисмида хаттот Мир Моҳ бин Мири Араб томонидан қуйидаги жумлалар ифодаланган; Ушбу “Сияри Мулло Муъин” номли китоб Оламлар Парвардигори Ҳақ Субҳанаҳу ва Таолонинг тавфиқи билан бандаи ҳақир (энг тубан банда)
Мир Моҳ бин Мир Араб бародарзодаи Мир Куланки котиби Бухорий қўли билан 1019 ҳижрий сананинг жумодул аввал ойида (1610й) кўчириб ниҳоясига етказилди. Парвардигор айтувчини (яъни муаллифни), уни ўқувчи кишини, кўчирган кишини, ота-оналарни ва устозларни ўзинг гуноҳларини кечир! Омин Раббул оламин.(3-расмга қаранг).
     
Абу Али Ибн Сино номидаги Бухоро вилоят кутубхона маркази шарқ қўлёзмалари фондида сақланаётган “Сияри Мулло Муъин” номли асарнинг колофон қисмида эса қуйидаги жумлалар битилган: Ҳолдан тойган, мадорсиз, аммо Аллоҳнинг раҳматидан умидвор банда осмону-фалак остида у каби гуноҳкор банда бўлмаган, гуноҳлари ёмғир томчиларидек жуда кўп бўлган банда Мулло Мирзо Абдулваҳҳоб ўғли Мулло Абдурасул қори Бухорий айтади: Мен Шайхул Имом, Ислом алломалари пешқадами Мавлоно Муъиннинг “Сияри шариф” номли ушбу муборак нусхасини Муқаддас шаҳар Бухорои Шарифнинг Жўйбор мадрасасида 1311ҳ/1894 йилда кўчирдим.          (4-расмга қаранг)
           Биз фойдаланган баъзи манбаларнинг охирги варағидаги колофон қисмида юқоридагидек маълумотлар кўчирилган бўлса, баъзиларида: “Мавлоно Муъиннинг Маъорижун нубувват номли ушбу нусхаи шарифаси бандаларнинг энг ҳақири-тубани Умар Боқининг қўли билан кўчирилди” ёки “Нурмуҳаммад ибн Шодмон қўли билан 1253ҳ/1837 йилда кўчирилди” деб ким томонидан ёки қачон кўчирилгани маълумоти ёзилган. 
     Биз қиёслаган баъзи қўлёзма манбаларнинг колофон қисми сақлаб қолинмаганлиги сабабли ким томонидан, қачон, қаерда кўчирилгани маълумоти мавжуд эмас. Аммо китобнинг деярли барча варақларида 1,5Х2 см ҳажмдаги овалсимон эгалик муҳрлари кўзга ташланади. Муҳрнинг ичида: “Муҳаммад Боқи ибн Мулло Жомий 1041ҳ (1632й)” жумла ва рақамлар ёзилган. Бундан икки нарсани илмий тахмин қилиш мумкин; 
1. Ушбу китоб Муҳаммад Боқи ибн Мулло Жомий томонидан 1041/1632 йилда кўчирилганлиги. 
2. Ушбу нусха мазкур Муҳаммад Боқи ибн Мулло Жомийнинг шахсий мулки сифатида унинг кутубхонасида сақланганлигидан дарак беради. 
     Биз сийрат китобларини илмий ўрганиш асносида аждодларимизнинг ўнг қўл билан қилинган хайрли ишни чап қўл билмасин мазмунидаги риёдан сақланиш мақсадида бошқа хаттотлардан фарқли ўлароқ ўзлари кўчирган китобларининг охирида ўз номларини ёзиб қўймай, балки қуйидаги жумлалар билан якунлаганликларини ҳам гувоҳи бўлдик: Бу китобни ёдгорлик сифатида қораладим. Ҳар ким бу китобни ўқиса, мен у кишидан дуо умид қилиб қоламан, чунки, мен гуноҳкор бандаман” жумлалари ёзилган.   
     Юқоридаги маълумотлардан шуни хулоса қилиш мумкинки, юқорида тилга олинган сийрат китобларини ўрганиш орқали Аллоҳ Таоло бутун мусулмон умматига намуна қилиб юборган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг одоб-ахлоқлари, юриш-туришлари, ҳаётий йўллари, гарчи кофирлар томонидан чексиз азиятлар берилиб, муборак тишлари синдирилcада ислом дини ривожи йўлидан чекинмаганликлари, Аллоҳга ишонмайдиган ёки эътиқоди суст баъзи кишилар томонидан мўъжиза сўралганда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан кўрсатилган турли мўъжизалари каби ислом тарихи ва маданиятига оид маълумотлардан хабардор бўлиб, келажакда ўз ҳаётимизда учрайдиган қийинчилик, машаққатларни сабру-матонат билан енгиб, мақсадга эришишда олға қадам қўйишга ва ҳеч қачон хайрли мақсадлар йўлидан чекинмасликка ундайдиган, умуман олганда одоб ахлоқ нормаларини англаб ҳаётда ўз ўрнини топишда ёрдам берувчи манба сифатида хизмат қилади деган умиддамиз. 
     Ушбу мўътабар манбалар ўз илмий тадқиқотчиларини кутмоқда. Бундай тарихий ёзма мерослар ҳозирги кундаги ислом тарихи билан боғлиқ факультет талабалари, олий мадраса талабалари томонидан ўрганилиб, келажак авлодга етказилса, биз ўйлаймизки, аввало улар аждодлари тарихидан хабардор бўлиб, уни келгуси авлодга еткизишда хизматлари катта бўлади ва бу билан аждодлари олдидаги масъулиятли вазифаларини бироз бўлсада бажарган бўладилар.
 
Аҳтам Ахмедов
Бухоро давлат университети магистранти
“Ҳужжатлар” фонди илмий ходими
 

Тазкира

ҳикмат

 Ашраф Али Таҳонавий айтдилар:

    "Дунёнинг энг буюк подшоҳи бирор мамлакатга бостириб кирса, аввал ўша давлатнинг энг киборларини хор қилади.
     Қалб ҳам жуда кенг бир мамлакат. Унинг ҳам ичида Кибр, Бахиллик, Ҳарислик, Ёмон гумон... деган ифлос киборлари бор.
     Шу мамлакатга шоҳларнинг Шоҳи кириб келса, борми, уларнинг ҳаммаси ювилиб кетади. Шундай экан, ҚАЛБни зийнатлантириш учун кўп ЗИКР қилинг”.
давоми...

Ҳадис

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

"Кимки ётоғидан омонликда уйғонса, тану жони соғ бўлса, кунлик емаги бўлса гўёки унда дунёнинг жамики неъматлари бор экан".

давоми...

Наполеон Бонапарт

 Аллоҳ таолонинг бирлиги ва борлигини Мусо алайҳиссалом ўз миллатига, Исо алайҳиссалом ўз умматига, Муҳаммад алайҳиссалом эса, бутун инсониятга маълум қилди.

 
давоми...

Опрос

Мир Араб мадрасасини қурган зотнинг асл исмлари?