28 октябрь 2021 | 22 рабиъул аввал 1443
  • Бомдод 06:15
  • Қуёш 07:05
  • Пешин 13:10
  • Аср 16:20
  • Шом 18:00
  • Хуфтон 19:20

Яратган Роббинг номи билан ўқи.

Алақ сураси 1 оят

Мақолалар

ИСЛОМНИНГ ТЎРТИНЧИ АРКОНИ

 
Закот исломнинг тўртинчи аркони саналади. Зиммасига фарз қилинган закотни адо этиб юрган мўмин банда, Аллоҳ наздида закот аҳллари қаторида ёзилади. Тўплаган бойлиги ҳалол бўлиб, ҳалоллик билан дунёдан кетади. Агар банда Аллоҳ розилиги учун садақа ёки закот чиқармоқчи бўлса, шайтон унинг қалбига васваса қилиб, фақирлик эшигини кўрсатиб, уни бу йўлдан қайтаришга уринар экан. Бу нарса банданинг закот чиқаришига тўсиқ бўлади. Аллоҳ бандасига раҳмат назари билан боқиб, унга бу борада ёрдам берсагина, азалий ва абадий душмани устидан ғолиб келади. Ҳеч бандани бу борада шайтони лаъин алдаб қўймасин.
Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу закот бериш вақти келиб, уни чиқаришни қасд қилганларида уруш кийимини кийиб, қуролларини тақиб, жангга шай турган аскар каби отга миниб олар эканлар. Саҳобалар бунинг сабабини сўрашганида, уларга қарата: «Мен шайтонга қарши жангга тайёр турибман. Менинг закот чиқаришимга ғов бўлишидан қўрқаман», – деб жавоб берар эканлар.
Энг катта кураш – шайтонга қарши кураш. Шайтон одамларни камбағал бўлиб қолишдан қўрқитади, Аллоҳ ваъда қилган нарсаларга тўсқинлик пайида бўлади.
 
الشَّيْطَانُ يَعِدُكُمُ الْفَقْرَ وَيَأْمُرُكُم بِالْفَحْشَاء وَاللّهُ يَعِدُكُم مَّغْفِرَةً مِّنْهُ وَفَضْلاً وَاللّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ
 
«Шайтон сизларни (агар инфоқ-эҳсон қилсангиз) камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқитади ва фаҳш ишларга буюради. Аллоҳ сизларга ўз тарафидан мағфират ва фазлу карам (бойлик) ваъда қилади. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва билгувчидир» (Бақара сураси, 268-оят). 
Аллоҳ фазли кенг зот. Улкан уммонга игнани ботириб кўтарганда, уммоннинг суви бирор қатра камаймаганидек, бандасига қанча берса-да, унинг мулки зарарча камаймас. У зот бандаси берган закот ўрнига ундан-да каттароқ бойликни ато этишга қодир. Доимо бандаларнинг барча амаллари ва ниятларидан хабардордир. 
Берилган неъматлар барокатидан эҳсон чиқарганларга кўплаб марҳаматлар ёғилади. 
 
قُلْ إِنَّ رَبِّي يَبْسُطُ الرِّزْقَ لِمَن يَشَاء مِنْ عِبَادِهِ وَيَقْدِرُ لَهُ وَمَا أَنفَقْتُم مِّن شَيْءٍ فَهُوَ يُخْلِفُهُ وَهُوَ خَيْرُ الرَّازِقِينَ
 
«Айтинг: «Албатта Парвардигорим бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. Не бир нарсани инфоқ-эҳсон қилсангизлар, бас (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқ бергувчиларнинг яхшироғидир» (Саба сураси, 39-оят). 
Демак, камбағал бўлиб қолишдан қўрқитадиган иблисдан хавфсирамай, ҳам савоб, ҳам ўрнига бойлик ато этадиган Зотга ишонч билдирмоқ керак. 
Ҳадиси шарифда «Моли нисобга етиб закотини бермайдиган кимсаларнинг бошига ҳар куни етмиш икки нафар фаришта осмондан лаънат олиб тушишади», дейилган. 
Аллоҳ таоло Қуръони каримда закотни тарк этганларни қаттиқ қоралаган.
 
الَّذِينَ لَا يُؤْتُونَ الزَّكَاةَ وَهُم بِالْآخِرَةِ هُمْ كَافِرُونَ
 
«Закотни (ҳақдорларга) ато этмайдиган, ўзлари охиратга кофир бўлган мушрикларга эса ҳалокат бўлгай!» (Фуссилат сураси, 7-оят). 
Парвардигори олам Одам Атонинг орқасини силаб қиёматгача келадиган зурриёдларини чиқарганида, бойларини ажратиб, уларга молларини таъйин қилиб: «Бу молларни сизларга бераман. Сизларни унга султон қиламан. Менинг фарзларим ва ҳақларимни адо этишдан юз ўгармайсизлар», – деб уқтирди. Сўнгра камбағалларни ажратиб, уларнинг ризқларини таъйин қилди. Бойларга камбағалларни кўрсатиб, молларининг бир улуши аслида шуларники эканини уқтирди. Бойлар ҳам, камбағаллар ҳам бу адолатли тақсимотга рози бўлишди. 
Ҳадисларда келтирилади: «Ҳар куни аршнинг тагида икки фаришта: «Мол Аллоҳники, бандалар унинг бандаси, камбағал оч қолса, бойлар азобланади», – деб нидо қилиб туради». 
Бошқа бир ҳадисда: «Қўшниси оч қолиб, ўзи тўқ бўлган киши Аллоҳга ва охиратга том маънода иймон келтирмабди», дейилган.
Шундай экан, закотга қодир бўлган ҳар бир инсон пайсалга солмасдан зиммасидаги мажбуриятни адо этиш пайида бўлмоғи шартдир.
 
Эркин ҚУДРАТОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси
 

 

Тазкира

ҳикмат

 Ашраф Али Таҳонавий айтдилар:

    "Дунёнинг энг буюк подшоҳи бирор мамлакатга бостириб кирса, аввал ўша давлатнинг энг киборларини хор қилади.
     Қалб ҳам жуда кенг бир мамлакат. Унинг ҳам ичида Кибр, Бахиллик, Ҳарислик, Ёмон гумон... деган ифлос киборлари бор.
     Шу мамлакатга шоҳларнинг Шоҳи кириб келса, борми, уларнинг ҳаммаси ювилиб кетади. Шундай экан, ҚАЛБни зийнатлантириш учун кўп ЗИКР қилинг”.
давоми...

Ҳадис

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

"Кимки ётоғидан омонликда уйғонса, тану жони соғ бўлса, кунлик емаги бўлса гўёки унда дунёнинг жамики неъматлари бор экан".

давоми...

Наполеон Бонапарт

 Аллоҳ таолонинг бирлиги ва борлигини Мусо алайҳиссалом ўз миллатига, Исо алайҳиссалом ўз умматига, Муҳаммад алайҳиссалом эса, бутун инсониятга маълум қилди.

 
давоми...

Опрос

Мир Араб мадрасасини қурган зотнинг асл исмлари?