17 сентябрь 2021 | 10 сафар 1443
  • Бомдод 05:40
  • Қуёш 06:26
  • Пешин 13:10
  • Аср 17:10
  • Шом 19:00
  • Хуфтон 20:30

Яратган Роббинг номи билан ўқи.

Алақ сураси 1 оят

Мақолалар

«ВАҚФ»НИНГ САХОВАТИ

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли, худди бир дона донга ўхшайди. Ундан етти бошоқ ўсиб чиқади, ҳар бошоқда юзтадан дон бор. Ва Аллоҳ кимга хоҳласа, яна кўпайтириб беради. Ва Аллоҳ қамраб олувчи ва билувчи зотдир» (Бақара сураси, 261-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг сахийи эдилар» (Имом Бухорий ривояти). 
Рисолат мактабида таҳсил олган, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳар бир ишларини ҳаётларида андоза қилган саҳобаи киромлар етим-есир, бева-бечора, мискин-фақир, муҳтожларга ғамхўрлик кўрсатишда бутун умматга намуна бўлганлар. 
Хусусан, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумоларнинг саховатлари тилларда достон. Улар халифалик даврларида ўзлари еб турган таом ва ичимлик, кийим-кечакларни ҳам муҳтожларга тутқазишган, туну кун уларнинг ҳолидан хабар олишган.
Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу жуда бой инсон бўлиб, мол-мулкларини ҳеч иккиланмасдан Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлаганлар, Табукка кетаётган мусулмонлар қўшинини жиҳозлаганлар, қудуқ сотиб олиб эҳтиёжмандларга садақа қилиб юборганлар.
Яна бир саҳобий Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳам жуда бой эдилар, етти юзта туяни устидаги юклари билан Мадинанинг фақирларига Аллоҳ розилиги учун садақа тарзида улашганлар.
Бу анъана асрлар оша мусулмон жамиятида янада сайқалланди. Ижтимоий кўмакка муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, уларга саховат кўрсатиш халқимизга хос қадриятлардан ҳисобланади. Фикримизнинг далили ўлароқ шуни айтиш мумкинки, Президентимиз ташаббуслари билан аҳолининг кам таъминланган, ёрдамга муҳтож қатламини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган «Вақф» хайрия жамоат фонди қисқа фурсатда Республика бўйлаб мисли кўрилмаган хайрия тадбирларини амалга оширди.
Жумладан, «Меҳрибонлик», «Мурувват» ва «Саховат» уйларида хайрия дастурхони тузалиб, ош тарқатилди. Ушбу ижтимоий муассасаларда яшовчилар холидан хабар олиниб, уларга фойдаланиш учун ҳар хил турдаги совға-саломлар улашилди.
Янги йил арафасида «Саховат – олий қадрият» шиори остида мамлакатимиздаги ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар аниқланиб, уларга гўшт, ёғ, шакар, гуруч, ун каби 11 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган карвон бирма-бир вилоятларга йўл олди. 
Ногиронлиги бор ва имконияти чекланган шахслар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ғамхўрлик кўрсатилди, меҳр-оқибат, бағрикенглик муносабатларини ривожлантиришга янада кенг эътибор қаратилди. Етимлар кўнгли шод бўлди, кўзлари қувнади, юзларида табассум порлади. Бу саховат замирида айнан шундай ниятлар мужассамдир.
Зеро, Ҳадиси шарифда «Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандлик киргизишдир», дейилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламга қалби қаттиқлигидан шикоят қилди. Шунда у зот: «Агар қалбинг юмшашини хоҳласанг, мискинга таом бер ва етимнинг бошини сила!» дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳдан «Қалбим қандай юмшайди?” деб савол сўралганда, у зот: «Қабристонга бор, етимнинг бошини сила!» деб жавоб берган эканлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, бу мол ширин, ям-яшил нарсадир. Мискинга, етимга ва йўловчига берилган молнинг эгаси бунча ҳам яхши мусулмондир!» деганлар (Муттафақун алайҳ).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам етимни кафилликка олган кишига жаннатда ўзлари билан бирга бўлишини башорат бериб: «Мен билан етимни кафилликка олган киши жаннатда мана шундай ёнма-ён бўламиз», деганлар (Муттафақун алайҳ).
Дарҳақиқат, бировга қилинган яхшилик ҳаргиз бесамар кетмас. Хусусан етимларга яхшилик қилинганда, ҳатто осмондаги фаришталар ҳам қувониб, эҳсон соҳибининг ҳақига дуою хайрлар қилишар экан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир киши (қиёмат куни) инсонлар ўртасида ҳукм чиққунча қилган садақасининг соясида туради», деганлар.
Шундай экан ҳар биримиз имкон қадар садақа улашишга ҳаракат қилайдик. Шояд қиёмат куни садақамиз соясидан баҳраманд бўлсак. 
Дуо қилиб сўраймизки, юртимизда саховатпешалар кўпайсин. Етимлик, қашшоқлик, йўқчиллик барҳам топсин. Эҳсон улашувчилар ва бунга сабабчи бўлганлардан Роббимиз рози бўлиб, маҳшар майдонида Ўзининг соясидан жой берсин.
 
ЭРКИН ҚУДРАТУЛЛОҲ
 
 
 

Тазкира

ҳикмат

 Ашраф Али Таҳонавий айтдилар:

    "Дунёнинг энг буюк подшоҳи бирор мамлакатга бостириб кирса, аввал ўша давлатнинг энг киборларини хор қилади.
     Қалб ҳам жуда кенг бир мамлакат. Унинг ҳам ичида Кибр, Бахиллик, Ҳарислик, Ёмон гумон... деган ифлос киборлари бор.
     Шу мамлакатга шоҳларнинг Шоҳи кириб келса, борми, уларнинг ҳаммаси ювилиб кетади. Шундай экан, ҚАЛБни зийнатлантириш учун кўп ЗИКР қилинг”.
давоми...

Ҳадис

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

"Кимки ётоғидан омонликда уйғонса, тану жони соғ бўлса, кунлик емаги бўлса гўёки унда дунёнинг жамики неъматлари бор экан".

давоми...

Наполеон Бонапарт

 Аллоҳ таолонинг бирлиги ва борлигини Мусо алайҳиссалом ўз миллатига, Исо алайҳиссалом ўз умматига, Муҳаммад алайҳиссалом эса, бутун инсониятга маълум қилди.

 
давоми...

Опрос

Мир Араб мадрасасини қурган зотнинг асл исмлари?