07 декабрь 2021 | 3 жумадул аввал 1443
  • Бомдод 06:55
  • Қуёш 07:49
  • Пешин 13:10
  • Аср 15:50
  • Шом 17:30
  • Хуфтон 18:50

Яратган Роббинг номи билан ўқи.

Алақ сураси 1 оят

Мақолалар

Биз умматни кечиринг...

 Яна Робиул аввал ойи келди. Бу ойнинг кириб келганини кимлар билди, кимлар билмади. Мазкур ой келиши билан саодат асрингизни ҳар дамгидан қаттиқроқ соғина бошлайман. Сийратингиз ёзилган китобларни титкилаб, сиз яшаган замонга, сиз яшаган маконга тушиб қоламан. Сизнинг даврингизда туғилиб яшамаганлигимдан қаттиқ оғринаман. Кейин ёнингизда яшаб, сизни кўриб иймонга келмай ўтганларни ўйласам, шу ҳолимга минг шукр қиламан. “Юзларини ҳам кўрмаган биродарларимни соғиндим”, деган сўзингиз қалбимга умид шуъласини ёқиб, халоват кўчасига етаклайди...

 
Лекин бу умидлар халоватларини биз яшаб турган бу замон фитналари-ю, биздайин нотавон охирзамон умматлари ҳафсаламни пучга чиқаради. Ё Расулуллоҳ, бу умматнинг ҳолини қаранг... Сиз оч юрган дунёда биз маишату-дабдабабозликлар ичра тўқ юрибмиз. Сиз қиё боқмаган дунёга бизлар ошиқ бўлиб, унинг қулига айландик. Сиз бир жуфт кийимни авайлаб кийган маҳал, бугун уммат кийим қўйишга жой тополмай қўйди. Сиз қўлингизда мол-дунё бўлмаса ҳам хайру саховатда пешво эдингиз. Биз-чи? Бу дунёда қўлимизда мол-дунё бўла туриб, қалби тошдай қотган, саховат қила олмаётган умматмиз. “Ғийбат қилиш ҳаром”, деган сўзингиз бир четда қолиб, биз шундайин ғийбат, бўҳтон ботқоғига ботдикки, агар сизнинг даврингиздаги ғийбатнинг тутуни бўлса эди, аллақачон бўғилиб кетардик.
 
Сиз “Қалбимнинг баҳори”, деган, ҳар куни тилингиздан тушмаган Қуръонни бу уммат гўёки бир соат мисоли уйининг пештоқига илиб қўйди.
 
Сиз таҳажжудларда оёғингиз шишиб турганича қоим бўлардингиз, бугун уммат беш вақт намозга туришга ожизлик қилмоқда. Сиз умматни ҳақ йўлида сафарбар қилишга мушфиқ эдингиз. Бугун эса уммат бир-бири билан мазҳаб талашиб, фитнаю фасодга учради. Бизни кечиринг, Ё Расулуллоҳ.
 
Сиз Расулуллоҳ бўла туриб, гуноҳлари кечирилган маъсум зот бўла туриб, кунида юз марталаб истиғфор айтган дунёда, бу умматнинг кунда ўн марта истиғфор айтишга тили келмай қоляпти. Уммат шундай ҳолга тушиб қолдики, сағира гуноҳ қолиб, кабира гуноҳ қилса эти жунжикмайди. Гуноҳларга тавбалар қилиб, яна гуноҳга қайтамиз, шундайин бир нотавонмизки, ҳаттоки тавбаларимизнинг ўзи ҳам тавбага муҳтож!
 
“Охир замон умматини соғиндим”, деб кўп айтардингиз.... Биз ғўр уммат, нотавон уммат, сиз кўрмоқчи бўлган умматмизми асли? Ўзи сизга умматлик ҳаққимиз қолдими, Ё Ҳабибим?
 
Уммат сизнинг олдингизда бугун гуноҳкор...Биз умматни кечиринг, Ё Расулуллоҳ....
 
Ҳабибим, нима бўлганда ҳам сиз босган тупроқни севамиз, сиз яшаган шаҳарни яхши кўрамиз, сиз қўним топган жой биз учун азиз. Бутун олий орзумиз сиз билан Ҳавзи Кавсар бўйида учрашишдир.
 
Аллоҳ охиратда сизсиз қолдирмасин. Қалбимизни Ўзининг ва сизнинг севгингиздан бошқа ишқ ила тўлдирмасин. Биз умматни кечиринг, Ё Ҳабибим.
 
Абдумалик ИБОДОВ,
Мир Араб ўрта махсус Ислом
билим юрти талабаси

Тазкира

ҳикмат

 Ашраф Али Таҳонавий айтдилар:

    "Дунёнинг энг буюк подшоҳи бирор мамлакатга бостириб кирса, аввал ўша давлатнинг энг киборларини хор қилади.
     Қалб ҳам жуда кенг бир мамлакат. Унинг ҳам ичида Кибр, Бахиллик, Ҳарислик, Ёмон гумон... деган ифлос киборлари бор.
     Шу мамлакатга шоҳларнинг Шоҳи кириб келса, борми, уларнинг ҳаммаси ювилиб кетади. Шундай экан, ҚАЛБни зийнатлантириш учун кўп ЗИКР қилинг”.
давоми...

Ҳадис

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

"Кимки ётоғидан омонликда уйғонса, тану жони соғ бўлса, кунлик емаги бўлса гўёки унда дунёнинг жамики неъматлари бор экан".

давоми...

Наполеон Бонапарт

 Аллоҳ таолонинг бирлиги ва борлигини Мусо алайҳиссалом ўз миллатига, Исо алайҳиссалом ўз умматига, Муҳаммад алайҳиссалом эса, бутун инсониятга маълум қилди.

 
давоми...

Опрос

Мир Араб мадрасасини қурган зотнинг асл исмлари?