07 декабрь 2021 | 3 жумадул аввал 1443
  • Бомдод 06:55
  • Қуёш 07:49
  • Пешин 13:10
  • Аср 15:50
  • Шом 17:30
  • Хуфтон 18:50

Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни юксак даражаларга кўтарур

Зумар сураси, 9-оят

Мақолалар

Кўз тегиши ҳақдир

Одам алайҳиссалом яратилганидан буён унинг фарзандлари турли хасталикларга чалинишади. Пайғамбар с.а.в айтганлар: «Дард борки, давоси бордир», деб. Ҳозирда касалликларнинг турлари кўпайиб кетган. Аммо шундай касалликлар борки, уларнинг моҳиятига фан ҳалигача аниқ бир фикр билдира олмаган. Ҳатто баъзилар: «бунақа касаллик йўқ», деб даъво ҳам қилишади. Агар маълум бир касаллик йўқ деб ўйланса, табиий ҳолда  унга қарши даволаниш чоралари ҳам топилмайди. Тўғрироғи, топишга ҳаракат ҳам қилинмайди. Натижада шунақа касалликка чалинган инсон ёмон аҳволга тушади. Аянчлиси, бунақа бемор одамларнинг кўзи ўнгида сўлиб бориб, охири бу оламдан кўз юмиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Шунақа хасталиклардан бири халқимиз орасида «Кўз тегиш» номи билан номланган  касалликдир. Албатта юқорида айтганимиздек баъзи кишилар бунга ишонишмайди. Биз ҳеч кимни ишонтирмоқчи эмасмиз. Биз ушбу мақолада бу хасталик ҳақида ва уни қандай даволаш мумкинлиги тўғрисида аниқ фактларни келтирамиз холос. Бизнинг тажрибаларимиздан маълумки, кўз тегиши кўп турларга бўлинади. Баъзи ҳолларда хасадчининг кўзи тегса, баъзи ҳолларда онанинг ўз фарзандига кўзи тегиб, боласи касалланиб қолганининг гувоҳи бўлганмиз. Яна шундай ҳолатлар ҳам бўлганки, беморга атайлаб кўз теккизишган. Ҳатто шундай кишилар ҳам бор экан, улар ўзларида шунақа таъсир қобилияти борлигини билиб, қандай йўналтиришни ўрганиб оладилар ва жамиятга, инсон зотига бемалол зарар етказишни ўзларига касб ҳам қилиб олишаркан. Биз ушбу мақола орқали қўлимиздан келгунича, илмимиз етгунича мана шунақа сирли беморликнинг борлигини исботловчи  Қуръони каримда келган оятлар ва Расулуллоҳ с.а.в нинг ҳадисларидан далилларни келтирамиз. Кейин уни оят, ҳадислар билан даволаш йўллари борлигини ўзимизнинг тажрибамиздан келиб чиқибган ҳолда сўз юритмоқчимиз.
 
Аввало бизнинг ақидамиз бўйича  яъни Мотрудия ақидасида, кўз тегиши бор нарса. Ҳадисда «Кўз тегиши ҳақдир» дейилган.
 
Қуръони каримнинг Юсуф сураси, 67 - оятида Яъқуб  алайҳиссаломнинг  ўғилларига мурожаати бор. 
 
У: «Эй ўғилларим, битта эшикдан кирманглар, турли эшиклардан киринглар. ....»
Ушбу оятнинг изоҳида Шайх Абдулазиз Мансур:
«Яъқуб а.с ўғилларига ҳаммаси бир дарвозадан биргаликда кирсалар, уларга кўз тегишидан қўрққани учун шу таклифни берган. Бизнинг эътиқодимиз бўйича кўз тегиши бор нарса. Мўътазилийлар пешволаридан Жуббоий кўз тегишини рад этган», дейдилар.
(Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Шайх Абдулазиз Мансур 2018 йил. 243 бет)
Имом хужжатул ислом абу Бакр Ахмад ибни Али ар-Розий ал-Жассос (370-ҳижрий санада вафот этган) ушбу оятни тафсир қилиб дейдилар:
«Ибни Аббос, ал-Ҳасан, Қатода, Заххок, ал-Саъдий: «Улар чиройли суратли кишилар эди, (Яъқуб уларга) кўз тегишидан қўрқди». 
Қуръони каримнинг тафсири «Ахкомул Қуръон» 3 китоб 226 бет.
 
 
Қуртубий: «Яъқуб а.с ўн иккита ўғил отаси эдилар. Ўн иккиси ҳам кўркам, келишган, узун бўйли жуда чиройли йигитлар эди. Кўрган киши уларга маҳлиё бўлиб қоларди. Ўша куни уларнинг ўн бири шаҳарга кириб келишган экан. Яна бири яъни Юсуф шаҳарда эди. Яъқуб алайҳиссалом бу  кўркам йигитларни қалъанинг битта эшигидан кириб келсалар, ҳамманинг эътиборини ўзига жалб қилиб, уларга кўз тегиши эҳтимоли борлиги учун  бошқа-бошқа эшиклардан бўлиниб киришларини тавсия қилдилар. Баъзи ривоятларда шаҳарнинг тўртта дарвоза борлиги айтилган».
 
Ушбу оят ҳақида фикр юритадиган бўлсак, бу турдаги  кўз тегиши,  атрофдагиларни ажабланишидан яъни кўпчиликнинг эътиборини тортишдан келиб чиқаркан. Агар инсон ўзини кўз-кўз қилса, бошқалардан ўзини юқори тутса, бир янги жозибадор  кийимини атрофдагиларнинг эътиборини жалб қилиш учун кийса, кўз тегишининг эҳтимоли катта. Шунақа кўз тегишининг белгилари (симптомлари) бундай, масалан: Машина олган одам, ўша машинаси билан мақтаниб, босар тусарига эътибор бермаса, олган машинаси билан ҳар хил нохуш ҳодисаларга тушганининг гувоҳи бўлганмиз. - Агар сахий бўлишга ҳаракат қилмоқчи бўлган кимса,  бир муҳтож кишига, ёки бир масжидга, ёки умуман бир яхшиликни қилиб, атрофдагиларга кўз-кўз қилса, ўша қилган  “яхшилиги” унга катта ёмонлик бўлиб қайтади. Чунки риё билан қилинган ишга яхшилик деб бўлмайди. Агар бирор молига, мулкига талофот етса, у инсон учун жонига зарар келганидан кўра яхшироқдир. Чунки халқимизда «Балонинг жонга урганидан кўра, молга ургани яхшироқ, » деган донишмандларча сўзи бор. Шу ҳолда инсон жуда қаттиқ хасталаниб қолиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Энди ушбу турдаги кўз тегишини қандай даволаш ҳақида фикрлайдиган бўлсак, унинг давоси айнан шу оятнинг давомида Яъқуб алайҳиссаломнинг сўзлари билан келган:
 
 « Мен сизлардан Аллоҳнинг ҳеч нарсасини қайтара олмасман. Ҳукм қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир. Унгагина таваккал қилдим. Таваккал қилгувчилар фақат Унгагина таваккал қилсинлар», деди.
 
Бу оятдан кўриниб турибдики, ҳар бир мўъмин банда фақатгина Аллоҳга таваккал қилиши, фақатгина Аллоҳ учун кийиниши, фақатгина Аллоҳ учун яхшилик қилиши, ҳар ҳолатда Аллоҳдан мадад сўраши керак экан. Иброҳим алайҳиссалом айтганларидек: «Албатта менинг намозим, ибодатларим, ҳаёт  ва мамотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир». (Анъом сураси 162-оят) Демак Иброҳим  алайҳиссаломнинг муборак сўзлари бизга ўрнак бўлиши керак. Агар ўзининг бойлиги,  кучига ишонмаган ҳолатда тавозеъ билан бу неъматлар фақатгина Аллоҳнинг ҳукми измидалигини ҳис қилиб, бу неъматларни бошқаларга кўрсатса, ҳар қандай кўздан Аллоҳнинг ўзи асрайди! Албатта бу ишларимиз хасталикни олдини олишга (профилактикага) киради. Аллоҳ ушбу оятда инсон зоти қайси ҳолда яшасагина кўз тегмаслигини ўргатяпти. 
Табиий ҳолатда савол туғилади: «Мабодо бўлган иш бўлиб, ушбу хатони қилиб қўйиб, хаста ҳолга тушган инсон нима қилиши керак?»  Кўз тегиб, хасталанган киши тезда тавба қилиб, қандайдир яхшилик қилиши мақсадга мувофиқ бўлади. (Яхшилик яширин садақа ёки бир яхши инсоннинг кўнглини олишга ўхшаш). Кўп истиғфор айтиши керак бўлади. Истиғфор инсонни ҳар хил ёмонликлардан тозалайди. Ҳатто касалликлар ҳам у бемордан чекинади. Агар тавбаси насух бўлса, барча ички ва ташқи касалликлардан шифо топади.
 
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг уйларида юзи қорамтир қизариб кетган бир жорияни кўриб:
«Бунга дам солдириб юборинглар. Унга назар тегибди», дедилар».
Бухорий, Муслим ривоят қилишган.
Ушбу ҳадисни шарх қилган олимлар «назар тегиш»  жиннинг кўзи текканини билдиришини айтишган. Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинаётган жорияга жиннинг кўзи теккан экан. Ҳадисга эътибор қилсак, чўрига кўз теккан. Биламизки чўриларнинг сатри аврати яъни ўраб юриши вожиб бўлган аъзоси ҳур кишиларнинг сатри авратидан фарқ қилади. Демоқчимизки, баданни очиб юриш ҳам кўз тегишига сабаб бўлади. Ушбу сўзимизга ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг сўзлари далил бўла олади.
Имом ал-Бағавий:
«Усмон розияллоҳу анҳу бир хушсуврат болани кўриб қолиб, бунга кўз тегмаслиги учун кулдиргичини беркитиб қўйинглар, деди».
 Дам солдиришда, жуда эҳтиёт бўлиш керак яъни фолбин ёки бир сеҳргарга бориб, катта гуноҳга ботишдан сақланиш керак. 
Али каррамаллоҳу важҳаҳ Расулуллоҳ с.а.в дан ривоят қиладилар: «Эй Али оятал курсийни бир уйда ўқилса уч кун шайтонлар узоқлаштирилади, тўрт кун сехргар эркак ва сехргар аёл ўша хонадонга кира олмайди. Бу оятни фарзандларингга ўргат, уни аҳлингга ўргат, уни қўшнингга ўргат!» (Хазоинул асрор 145 бет, Руҳул баёнда ҳам шундай келган) 
Ҳар биримиз оятал курсийни ўрганишимиз, қандайдир бир сехргар ёҳуд бир фолбиннинг олдига боришимиздан минг аълодир. Оятал курсий ҳар қандай ёвузликка қарши қуролдир. Юқоридаги ҳадисда Аллоҳнинг дўсти ўз куёви, жияни, сахобаси, “илмнинг эшиги” бўлмиш Али розияллоҳу анҳуга энг осон ва энг қулай ҳимоя қўрғонини ўргатдилар.
 
Юқорида келтирилган сўзлар кўз тегишининг бир тури эди. Кўз тегишининг бошқа бир тури ҳақида сўз юритамиз. Инсоннинг ўзига  берилган неъматларга кибрланишидан ва ажабланишидан, баъзида дўсти ва яқинларига берилган нарсаларга ҳасад қилишидан, ҳатто ўз фарзанди унинг кўзига чиройли кўриниб, ажабланганлигидан ўзининг кўзи тегади. Бунга қуйида келтирадиган Қуръони каримдаги қисса далил бўла олади.
Қиссада келишича, иккита боғ  бўлади. Боғлардан бирининг эгаси ўз боғидан ажабланиб кибрланади. Ўша боғни Аллоҳ ер билан яксон қилади. Қиссанинг охирида эса, Аллоҳ ҳар бир инсонга бу касалликдан фориғ қиладиган илоҳий йўл йўриқ кўрсатиб айтади:
«Боғингга кирганингда: «Аллоҳнинг хоҳлагани, Аллоҳдан бошқада (бунга) қувват йўқ», десайдинг...» (яъни: ла ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ, десайдинг) (Кахф сураси  39-оят)
Худди шундай бир одам ўз фарзандига қараб кўзлари қувониб ажабланса, унга кўзи тегиб қолиши эҳтимоли бор. Кўпинча ёш болакайларига оналарининг кўзлари текканининг гувоҳи бўлганмиз. Ушбу турдаги кўз тегишининг бергилари (симптомлари) энг аввали ҳеч нимадан ҳеч нима ич кетиши яъни диареяга чалиниши, баданда ҳар хил яра-чақалар пайдо бўлиши, йўқ жойдан иситмаси чиқиши, ёши катталарда қон босими кўтарилиб ёки тушиб кетишидан иборатдир. Кўз тегиб қолиб шу ҳолга тушган кишига ҳеч бир дори таъсир қилмайди. 
Аввало бундай ҳолга тушмаслик учун фарзандларимиз ё бирор яхши кўрган нарсаларимиз кўзларимизни қувонтирса, оятда ўргатилганидек тезда: «Ма шаа Аллоҳу, ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ» дейишимиз керак. Шунда кўз тегишини олдини олган бўламиз.
Ҳишом ибн Урва розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши ўзларини ажаблантирган бирор нарсани кўрсалар ёки боғларига кирсалар, «Маа шаа Аллоҳу, лаа қуввата илла биллаҳи» дер эдилар. (Ҳадис ва ҳаёт. 18 жуз. 151 бет).
Агар бўлган иш бўлиб, бировимизга кўз текканини аниқласак, даволашни Расулуллоҳнинг с.а.в  суннатларидан ўрганамиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллоҳу алайҳи васаллам:
«Кўз тегиши ҳақдир», дедилар.
Тўртовлари ривоят қилганлар.
Муслим ва Термизий:
«Агар бирор нарса қадардан ўтадиган бўлса, албатта, кўз тегиши ўтар эди. Қачонки сиздан ғуслга ёрдам сўралса, ғуслга ёрдам беринг», дедилар»ни зиёда қилганлар.
Ахмад, Насоий ва ибни Ҳиббонларнинг ҳадисида ғуслнинг баёни қуйидагича:
«Кўзи теккан киши юзини ва икки қўлини чиғаноғи билан ювади. Кейин киндигидан жисмининг пастигача ювади. Сувни қадаҳга қуйиб туриб, кўз текканнинг бошидан ва елкасидан қуйилади. Сўнгра қадаҳ тўнкариб қўйилади. Аллоҳнинг изни билан тузалиб кетади».
(Ҳадис ва ҳаёт. 18-жуз. Тиб ва дам. 148- бет)
Ҳозирги замонда кўпинча, кимнинг кўзи теккани топилмайди. Биз юқоридагилардан кўриб турибмизки, кўз текканга Қуръони карим тамоман шифо бўлиб, баъзи оятлари баъзи касалликларга шифодир. Кўпинча тажриба қилмасдан туриб қайси оят нимага даво эканлигини билиб бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир ўқиган ҳадисимиз ва билганларимизга амал қилишимиз лозимдир. Чунки бир заҳарланган кишини нимадан заҳарланганини билмасдан туриб унга зиддизаҳар топиш амри маҳол. Агар амал қиладиган бўлсак Аллоҳ таъоло ёрдамчимиз бўлади. Ривоятларда келишича ибн Сино бирор касалликнинг давосини топишга қийналсалар, Бухоро шахридаги Масжиди Калонга келиб, бир кеча ухлаб, ибодат қилар эканлар. Шунда  касалликнинг шифоси у кишига кашф бўларкан. Агар ҳар биримиз чин ихлос билан истихора қилиб намоз ўқисак, албатта қайси оятни ўқишимизни  Роббул оламин билдиради. Ҳар биримиз одам фарзанди эмасмизми?! Нега энди кимгадир кашф бўларкану, бошқаларга кашф бўлмас экан. «Одам фарзандини мукаррам қилиб яратдик» деган оят ҳар биримиз учунми ёки алоҳида «кишилар» учунми?! Агар алоҳида кишилар учун деб билсак катта хато қиламиз! Мана шунинг учун илмсиз кишилар фолбинларга, сехргарларга боришади. Улар «Бунақа нарса ҳар кимга берилмаган» дейишса, фолбин, сехргар бу гапдан илхомланиб, “бизга «илоҳийдан» берилган”,- деб гап тарқатиб, шухрат қозонади. Эй, ушбу сатрларга кўз югуртириб ўқувчи дўстим! Сен ўзингни яратган зот Аллоҳга суян! Унгагина таваккал қилиб, ўзингнинг Одам а.с фарзанди эканлигингга ишон. Яъни ўзингга ишон! Парвардигорига таваккал қилиб, ишонч билан ҳаракатда бўлган кишига Аллоҳнинг ўзи барака, яхшилик беради. Ушбу оятларидан қуйидаги тартибда ўқиганимизда кўпчилик Аллоҳнинг изни билан тузалганининг гувоҳи бўлганмиз. Аввал Мулк сурасининг олдинги тўрт ояти («ва ҳува хасиир» гача) бир марта,  сўнгра уч марта Қалам сурасининг 51-52 чи оятлари уч марта ўқилади. Бу уч марта такрорланиб кўзланган (Назар теккан) кишига пуфланади. Аллоҳ хоҳласа шифо топади. 
Кўз тегишининг яна шундай бир тури борки, бунда қасд қилиб, атайин кўз тегизилади. Назар теккан одам ёмон ҳолларга тушади. Бунда Одам фарзанди қанчалик комил яратилганининг исботи бор. Одам нафақат атрофига жисмонан зарар ёки фойда  етказиши, балки масофадан туриб ҳам таъсир ўтказиши мумкин. Бунга фан  бир неча йиллар аввал иқрор бўлган. Бунинг далиллари амалий психологияда гипноз мисолида ўргатилади.  Раҳматли шайхимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари дейдилар:
«Баъзи кишилар одатдан ташқари руҳий қувватга эга бўладилар. Оқил инсон руҳий таъсирни ҳеч инкор қилмайди. Бу оддий ҳақиқатдир.»
Яна у киши раҳматуллоҳ алайҳи дейдилар: « Ана шундай ишларнинг бўлиши учун фақат жисм жисмга тегиши ёки тикилиб қараш шарт эмас. Балки, кўзи тегадиган киши кўр бўлиши ҳам мумкин. Унга бир киши васф қилинганда ундаги ҳасад руҳи ёмонлик ила қўзиса, мазкур кишига кўз тегиши мумкин. Аслида кўз тегишининг асосида ҳасад бор». (ҳадис ва ҳаёт 18 жуз 148 бет) 
Қалам сураси 51 - оятида
«Ва кофирлар зикрни эшитаётганларида сени кўзлари билан тойдирмоқчи бўлдилар ва, албатта, у жиннидур, дерлар».
Бу оятнинг нозил бўлиши сабаблари ҳақидаги ривоятларга кўра, мушриклар Қурайш қабиласига кўзи (назари) бор кишини олиб келиб, Пайғамбар алайҳиссаломга ёмон кўз билан қаратиб, зарар етказмоқчи бўлганлар.
Агар шу ҳолатга бирортамиз дуч келсак, яъни бировимизга атайин кўз қилинаётганини сезиб қолсак Қалам сурасининг охирги икки оятини такрор такрор ўқишимиз мақсадга мувофиқдир. Аммо агар кўз текканини кечроқ билганда юқоридаги оятлар сувга ўқилади. Ўша сувдан ичилади. Сувнинг қолгани билан ғусл қилинади. Аллоҳнинг изни билан тузалиб кетади.
 
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, илоҳий интизомга мувофиқ яшайдиган инсонни, барча махлуқотнинг Холиқи бўлмиш Аллоҳ таъоло асрайди. Демак ҳар бир одам фарзанди илоҳий йўриқнома  бўлмиш Қуръони каримдек илоҳий китобга ва бу китобни ўз ҳаётига тадбиқ этган Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи васалламга эргашган ҳолда яшаса, худо хоҳласа ҳар бир қийинчилик у инсон учун яхшилик бўлади. Аллоҳ тўғрисини билгувчироқдир .
 
Мир Араб  ўрта махсус
ислом билим юрти тарбиячиси
Фазлиддин Юсупов
 

 

Тазкира

ҳикмат

 Ашраф Али Таҳонавий айтдилар:

    "Дунёнинг энг буюк подшоҳи бирор мамлакатга бостириб кирса, аввал ўша давлатнинг энг киборларини хор қилади.
     Қалб ҳам жуда кенг бир мамлакат. Унинг ҳам ичида Кибр, Бахиллик, Ҳарислик, Ёмон гумон... деган ифлос киборлари бор.
     Шу мамлакатга шоҳларнинг Шоҳи кириб келса, борми, уларнинг ҳаммаси ювилиб кетади. Шундай экан, ҚАЛБни зийнатлантириш учун кўп ЗИКР қилинг”.
давоми...

Ҳадис

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

"Кимки ётоғидан омонликда уйғонса, тану жони соғ бўлса, кунлик емаги бўлса гўёки унда дунёнинг жамики неъматлари бор экан".

давоми...

Наполеон Бонапарт

 Аллоҳ таолонинг бирлиги ва борлигини Мусо алайҳиссалом ўз миллатига, Исо алайҳиссалом ўз умматига, Муҳаммад алайҳиссалом эса, бутун инсониятга маълум қилди.

 
давоми...

Опрос

Мир Араб мадрасасини қурган зотнинг асл исмлари?